2021 йилнинг август ойида Қарши шаҳрида спорт устаси Э. Раҳимов қасддан ўлдирилган эди.
6 май куни, Қашқадарё вилоят судида 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди судьяси Ф. Юсупов раислигида кўриб чиқилди.
Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимлари.
Судланувчилар Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 800 000 сўм миқдорида моддий зарар ва 150 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.