Бир кекса аёлнинг ҳикояси.
«Менинг уч ўғлим бор. Кунларнинг бирида катта ўғлимнинг уйига бордим. Эрталаб бомдод намозига таҳорат олиш учун келинимдан сув олиб келишини сўрадим. Таҳорат қилдим. Намозимни ўқидим. Қолган сувни ётган ўрнимга тўкдим. Кун ёришганда келинимни чақириб:
– Қизим, нима дейсиз энди, қаричилик! Ўрнимни ҳўл қилиб қўйдим, – дедим.
Унинг асаблари бузилди. Энг ёмон сўзларни тўкиб солди. Менга чойшабларни ювишни буюрди. Бошқа бу ишни қайтармаслигимни талаб қилди. Чойшабларни ювиб, қуритиб, дазмолладим.
Сўнг ўртанча ўғлимникига бордим. Айни шу ишни такрорладим. Келиним ўғлимга зарда билан қилган ишимни айтиб берди. Ўғлим унга бир оғиз сўз сўзламади.
Уларникидан чиқиб, кенжа ўғлимнинг уйига бордим. Ўша ишни яна такрорладим.
Келиним тонгда ёнимга келди. Унга ҳам ўрнимни ҳўл қилганимни айтдим.
У:
– Ойижон, хижолатга ўрин йўқ, бу оддий ҳол. Гўдаклигимизда сиз оналаримизнинг либосларингизни ҳўл қилиб қўярдик. Сизлар малолланмасдан тозалардингиз. Ҳечқиси йўқ, ойижон, – деди ва кўрпа-тўшакни олиб ювиб тозалади.
Сўнг унга:
– Қизим, бир дугонам мендан ўзи учун узук сотиб олишимни илтимос қилди. Мен унинг бармоғининг ўлчамини билмайман. Унинг қўллари тахминан сизникичалик. Ўлчамингиз неччи? – деб сўрадим.
Ўғлимнинг уйидан чиқиб, тўғри заргарлик дўконига бордим. Бор маблағимга узуклар, тақинчоқлар олдим. Ўзимга яраша тўплаган пулим катта миқдорда эди.
Уйимга ўғилларим, келинларимни чақирдим. Тилла тақинчоқларни уларнинг олдига қўйдим. Бўлган воқеани баён қилдим. Мен кўрпа-тўшакка бавл қилиб қўймаганимни, синов учун сув тўкканимни айтдим. Тиллаларни кичик келинимнинг қўлларига тутқазиб:
– Қарилик пайтимда хотиржам суянишим, бирга яшашим мумкин бўлган қизим бу. Қолган умримни у билан кечираман, – дедим-у, икки катта ўғлимга қараб: – худди шу кундагидек надоматга тайёр туринг! Чунки сизнинг менга муносабатингиз албатта фарзандларингиздан қайтади. Мен сиз иккингизга чиройли тарбия бераман деб ҳаракат қилганим, заҳмат чекканларим бесамар кетганидан афсусдаман. Иншооллоҳ, сизларнинг укангиз ўз аҳли ила бу дунёда масрур яшаб, Роббисига ёруғ юз билан йўлиқади. Афсуслар бўлсинки, сизлар онангизнинг қадр-қийматини аёлингизга билдира олмаганингиз учун бундан маҳрумсизлар! – дедим».